Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2025, Тошкент вақти: 22:23

Қалбаки, яроқсиз ёки муддати ўтган. Ўзбекистонда дори муаммоси кучайди


Тиббий туризм марказига айланишни кўзлаётган Ўзбекистонда беморларга қалбаки ва муддати ўтган дорилар бериляпти. Охирги ҳафтанинг шов-шувли воқеалари соғлиқни сақлаш тизимидаги чуқур муаммоларни яна бир бор очиб ташлади.

Президент Мирзиёев эса соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилди ва мутасаддиларга муаммони бир ойда ҳал қилишни топширди.

Текширувдан ўтмаган дори муаммолари ўнлаб фожеаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистонда фармацевтика бозоридаги манфаат гуруҳлари кимлар ва уларнинг ҳукуматдаги таъсири ҳақидаги тахминлар қанчалик асосли?

Салкам 600 мингта қалбаки дори

6 май куни Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Учтепа туманларида қалбаки дори ишлаб чиқариш ва ноқонуний савдо билан шуғулланган 40 ёшли шахс қўлга олингани ҳақида расмий хабар тарқатди. Унинг яширин цехидан 600 минг донага яқин қалбаки дори топилган. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Тошкент ва Бухоро вилоятларидаги дорихоналарга тарқатилган.

Эътиборли томони шундаки, битта расмий маълумотда ҳолатга нисбатан икки хил таъриф берилган. Давлат хавфсизлик хизмати буни “қалбаки дори тайёрлаш” деса, айнан шу видеолавҳада гапирган Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ходими Ойбек Бобониёзов ясама дорилар ҳақида эмас, балки “муддати ўтган” дорилар ҳақида сўз юритган.

“Ўтказилган лаборатория текширувлари натижалари кўра, воситалари сифат кўрсаткичлари бўйича меъёрий хужжатларга жавоб бермаслиги, дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтганлиги, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги, сертификати муофиқлаштирилмаганлиги аниқланди” деган Бобониёзов.

Терговга қадар текширув давомида гумонланувчи дори тайёрлаш учун керакли хомашёларни интернет орқали номаълум шахслардан буюртма орқали сотиб олгани аниқлангани айтилади. Ашёвий далиллар қиймати қарийб 10 миллиард сўмни ташкил этади.

Яна бир ҳолатда, Хитойдан олиб келинган тиббий инфузион буюмларни 56 минг долларга сотишга уриниб, яна бир шахс ушланган.

Ўзбекистонда қалбаки, яроқсиз дорилар топилгани, у билан шуғулланганлар қамалгани ҳақидаги маълумотлар матбуотда охирги 4-5 йилдан бери тез-тез учрайди.

Май ойи бошида Миллий тиббиёт марказида шифокорлар беморларга муддати ўтган дорилар бергани ҳақида маълумот тасдиқланганини Rost24 нашри ёзиб чиққан. Бу ҳолат юзасидан март ойи бошида шифокорлар ва беморлардан иборат бир гуруҳ Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят йўллаган эди.

Текширув давомида марказда 2024 йилда 131 нафар, 2025 йилнинг биринчи чорагида эса 42 нафар бемор вафот этгани қайд этилган. 42 бемордан 20 нафари жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этган.

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

"Аждарҳонинг калласи кесиб ташланмаса..."

Охирги воқеалар фонида президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни навбатдаги селектор йиғинини ўтказиб, дори муаммосига тўхталди ва буни ҳал қилиш учун соғлиқни сақлаш вазирига бир ой муҳлат берди.

“Аҳоли ҳар йили 600-700 миллион маблағни самарадорлиги исботланмаган ва ўрганилмаган дориларга сарфлаяпти. Ривожланган давлатлар далилларига асосланган тиббиётган таяниб, кенг миқёсда ўтказилган клиник тадқиқотлар самарадорлиги ва хавфсизлиги исботланган дорилардан фойдаланади. Худоёров (соғлиқни сақлаш вазири - ред.) бир ойда ҳалқаро манбаларда самарасиз ёки самараси ўрганилмаган препаратларни клиник протоколлардан чиқариб ташлашни бошлаб, тизимга берсин. Худоёров икки ойда барча тиббиёт муассалари, биринчи галда болалар шифохоналарида антибиотикларни асосли қўллаш бўйича комлпекс ревизия ўтказсин ва протоколга амал қилмаганларни жазолаш бўйича таклиф берсин" - деди президент.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев масала дори муаммоси ҳақида бундай дейди:

“Ана, кўриб турибмиз, ясама дорилар қўлга тушиб ётибди. Агар суғуртали тиббиёт бўлса, давлат назорат қиларди. Суғурта тиббиёт очганларнинг ўзи дорини сифатини назорат қиларди. Ўзбек халқи қуён эмаску, тажриба ўтказавергани. Қаёққа қараманг, хусусий клиника тўлиб кетди. Демак халқ касал. Мана масала нимада? Ечим бор - суғурта. “Док 1 Макс"дан кейин катта-катта судлар бўлди. Ундан кейин бу нарсага чек қўйилади деб ўйлагандик. Президент фармонлари қабул қилиняпти. Нега бу нарса яна давом этяпти? Демак, соғлиқни сақлаш вазирининг, вазирликнинг кучи етмайдиган, юқорида, стратосферадан ҳам юқорида биз билмаган битта жой борки, ўша аждарҳонинг калласи кесиб ташланмаса, оёқлари билан юриб, қонни сўраверади, одамлар ўлаверади ”.

Ўтган йили 1 июлдан дори савдоси устидан назорат амалиёти кучга кирган. Октябрда эса Адлия вазирлиги дори воситаларини ноқонуний равишда давлат рўйхатига олгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирган.

"Ўзбекистон илмни ўлдирди"

Фармакологияда йиллар давомида меҳнат қилган, дори ясаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган олима Раҳима Очилова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда 2015 йилдан сўнг бу соҳага нисбатан давлат даражасидаги эътибор сусайганини айтади.

“Нега айнан 2015 йилдан кейин?”, — деган саволга эса у ҳали-ҳануз жавоб топа олмаган. У илмга асосланган фармакология изланишлари айнан шу даврдан бошлаб, қоғозда қолиб, амалиётда эса бу соҳа тадбиркорлар қўлига тўлиқ ўтиб кетганига ачинмоқда.

“Жуда кўп ҳаракат қилдим, жуда кўп жойда шу ҳақида мақолалар ёздим, интервьюлар бердим. Лекин менинг қўлимдан келмас экан деб, тўхтадим. Ўзбекистон илмни ўлдирди. Қайта тиклаш учун 100 йил керак. Ўзбекистон илим аҳлини йўқотди. Президентимиз зўр қарорларни чиқаряпти, лекин амалда ҳеч қайсиси қилинмаяпти” - деди Очилова.

Тиббий экспертларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фан докторлари, давлат тиббиёт муассасалари ва хусусий клиникалар сони ошган сари, касаллар ҳам кўпаймоқда. Мутахассислар бу ҳолатни дори-дармонларнинг сифати билан ҳам боғлашади.

Тажрибали шифокорлар эса фирмалар клиникаларга муддати тугаётган дориларни “ҳомийлик” ниқоби остида таклиф қилаётганини тасдиқлашмоқда.

“Бизгаям келди. Зарифбой ака, дориларнинг муддати икки ойдан кейин ўтади деди. Катта партия эди. Ҳомий ёрдамида бериб кетди деб хат қилиб беринг дейишди. Мен қабул қила омлайман дедим. Демак, бошқа жойларга ҳам боради улар” - деди Озодлик билан суҳбатда тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев. Лекин айнан кимлар бундай таклиф билан келганини очиқлашни истамади.

Пора эвазига дори

17 апрелда парламент депутатлари олдида сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров мамлакатда қалбаки дорилар муаммоси коррупция билан боғлиқ эканини тан олган. Лекин қайси фирмалар ва кимлар бу схемалар орқасида экани ҳақида айтмаган.

“Бунинг келиб чиқиши коррупция билан боғлиқ. Кўпчилик фирмалар ўзининг дорисини сота олмагандан кейин, бориб гаплашади, маълум бир пора эвазига дориларини ўтказиш ҳолати бор. Лекин дорилар беморга етиб бормайди, йўқ қилинади, шунақа схема, жуда маълум, ва биз бу билан қаттиқ курашяпмиз” - деган Худоёров.

Соғлиқни сақлаш соҳасида қаттиқ кураш бораётганини таъкидлаган вазир Ўзбекистонда дори-дармонларнинг кафолатганган пакетини жорий қилиш учун ҳужжат янгиланаётганини қўшимчалаган.

Айни дамда ҳукумат Тибиётда 90 кунлик ўзгаришлар дастурини амалга оширишга тайёрланмоқда. 7 майдаги селектор йиғинида президент Мирзиёев соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат ҳам эълон қилган:

“Бугундан бошлаб соғлиқни сақлаш бўйича ҳам фавқулодда ҳолат эълон қиламиз. Андижонда топшириқ берган эдим, "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастури бошланади. Бунга вилоят ҳокимлари бош бўлади. Барча шифокор ва ҳамшираларни сафарбар қилади. Ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, облздрав, райздрав раҳбарлари шифохона ва поликлиникаларда кутиш жойларини, қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтиради”.

Шунча муаммога қарамай...

Ўзбекистонда дори билан боғлиқ фожеали ҳолат 2022 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида бўлган. Ўшанда Ҳиндистоннинг Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонда сотилган “Док-1 Макс” дорилардан болалар оммавий заҳарланиб, 68таси вафот этган, 20дан кўпи ногирон бўлиб қолган. Ижтимоий тармоқларда жабрдийдалар сони кўпроқ экани ҳақида тахминлар илгари сурилгани маълум.

Суд дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган болаларнинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган. Лекин дори бизнесини бевосита билган олима экспертлар агар жиддий эътибор қаратилмаса, фожеа такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда:

“Асосан четдан, Ҳиндистондан, Хитойдан кириб келадиган субстанцияларни биз қабул қиляпмиз. Бу ерда қутиларга солинади. Чунки, четдан тайёр дори сифатида кириб келса, солиғи, бож тўловлари кўпаяди. Ҳоҳлаган заводингизга кириб кўринг, ҳатто идишлариям четдан кириб келади” - деди олимаРаҳима Очилова.

2030 йилга келиб соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни икки баравар ошириш режаларига қарамай, бу соҳа бир қатор муаммоларга дуч келишда давом этяпти.

ЮНИСЕФ ўтган йилнинг октябрь ойида эълон қилган баёнотида Ўзбекистоннинг Соғлиқни сақлаш тизимида молиявий етишмовчилик ҳали ҳам долзарб муаммо экани таъкидланган.

Шунча муаммога қарамай, Ўзбекистонда тиббий туризмни Марказий Осиёнинг "чорловчи нуқтаси" сифатида тарғиб қилиш бошланган. Расмий хабарга кўра, Ўзбекистонда “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури амалга оширириш режалаштирилган. “Тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори ҳам қабул қилинган.

Ўзбекистон дунёда аҳоли сонига нисбатан энг кўп дорихонага эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Озодлик аввалроқ мамлакатдаги фармацевтика тижорати вакиллари дуч келаётган муаммоларга эътибор қаратганди.


Форум

XS
SM
MD
LG